ЎЗБЕК-ХИТОЙ ПИЁЗЛАР БОҒИ 2019 – ЙИЛ МАВСУМИНИНГ ОЧИЛИШ МАРОСИМИ

2019 йилнинг 30-апрель куни Ўз РФА Ботаника институтида Хитой Фанлар Академияси Кунмин Ботаника институтидан ташриф буюрган олимлар иштирокида тантанали тадбир ва Ботаника институти ҳузуридаги Тошкент Ботаника боғида Ўзбек-Хитой пиёзлар боғи 2019 йил мавсумининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Шу куни ЎзР ФА Ботаника институти илмий кенгаши томонидан Хитой Фанлар академияси Кунмин ботаника институти директори профессор Сун Хангга Ботаника институти фаҳрий профессори унвони топширилди.

Профессор Сун Хангга профессор унвони Фанлар Академияси вице президенти академик Б. Ибрагимов, Ботаника институти директори академик К. Тожибаевлар томонидан топширилди.

Хитой Фанлар Академияси, Кунмин Ботаника институти ва ЎзР ФА Ботаника институти илмий ҳамкорлиги, ҳалқаро лойиҳалардаги фаол иштироки, Марказий Осиёда ботаника соҳасида олиб борилаётган изланишлардаги ҳизматларини инобатга олиб биология фанлари доктори, академик К.Ш. Тожибаевга Кунмин Ботаника институти фаҳрий профессори унвони топширилди.

ХФА Кунмин Ботаника институти фаҳрий профессори академик К.Ш. Тожибаев

Тадбирда Тожикистон Республикаси Фанлар Академиясидан ташриф буюрган меҳмонлар томонидан ҳам Хитойлик олимларга эсдалик совғалар топширилди.

Ботаника институтидаги тантанали маросимдан сўнг Тошкент Ботаника боғида Ўзбек-Хитой пиёзлар боғи 2019 йил мавсумининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Allium Garden 2019 мавсумининг очилиш маросими: (чапдан) академик
К. Тожибаев, ЎзР ФА вице президенти академик Б. Ибрагимов, профессор Сун Ханг ва доктор Денг Тао

Тадбирга тайёргарлик кўриш жараёнида Ботаника ноёб ва эндем ўсимликлар участкасида ободонлаштириш ишлари олиб борилди.

Пиёзлар боғининг кириш қисмида боғнинг харитаси ва унда парвариш қилинаётган ўсимликлар ҳақида маълумотнома ўрнатилди. 2018 йилда асос солинган пиёзлар боғи Ботаника институти ва Тошкент Ботаника боғи илмий ходимларининг кўп йиллик саъй ҳаракатлари эвазига бунёд этилди. Сўнгги икки йилда Ўзбекистон флорасининг ноёб ва эндем ўсимликларидан ташқари Кунмин Ботаника институти ходимлари томонидан топширилган Хитой флорасининг пиёзлари ҳам коллекциядан жой олди. Ўзбекистоннинг миллий рамзларидан бири бўлган “Дўппи” нусхасида тайёрланган пиёзлар боғининг 2019 йил коллекцияси меҳмонларда катта таасурот қолдирди.

Тадбир ўтказиладиган майдонча ва йўлаклар чети ободонлаштирилди. Супа атрофига плиталардан майдонча, гилам, махсус хонтахта, юртимиз мевалари ва пиёз қўшиб тайёрланадиган миллий таомлардан намуналар қўйилди. Тадбир жараёнида Миллий телерадиокомпаниянинг бир неча каналлари штирок этишди. Пиёзлар боғининг очилиш маросимига Фанлар Академияси, журналистлар, Тошкент давлат Аграр институти ва Миллий Университети устоз ва талабалари таклиф қилинди.

Тадбир майдончаларига Ботаника боғида етиштирилган гуллар келтирилди. Очилиш маросими ўтказиладиган майдончада махсус мемориал доска тайёрланди. Кўргазмали материалларни тайёрлашда Ўзбекистоннинг энг ноёб манзарали пиёз турлари танлаб олинди.

Бундан ташқари 3х1,5 метр ўлчамдаги 10 дан ортиқ баннер тайёрланди. Пиёзларнинг аксарият қисмида гуллаш жараёни бошланаётлиги учун тадбир давомида бу баннерлар ташриф буюрувчилар учун қўшимча маълумот вазифасини бажарди. Тадқиқот участкасида 100 дан ортиқ пиёз турлари учун Хитойлик олимлар кўмагида махсус этикеткалар буюртма қилинди. Ҳар бир этикеткада турларнинг лотинча номи келтирилган.

Геофитлар коллекциясида пиёзлардан ташқари Гулсафсарлар, лолалар, холмонлар, ширачларнинг кўплаб турлари ўстирилади. Бу туркумларнинг ҳар бири учун ўзига хос агротехник ишлов берилади.

Тадбирга Хитойдан Фанлар Академияси Кунминь Ботаника институти профессорлари, Фанлар академияси вице президенти Б. Ибрагимов, Ботаника институти раҳбарияти ва илмий ҳодимлари, Тошкент Ботаника боғи маъмурияти ва илмий ходимлари ва турли олий таълим даргоҳларидан меҳмонлар ташриф буюришди. 10-00 да расмий тадбир бошланди. 2019 йил учун очилиш маросими тантанали қисмини ЎзР ФА Ботаника институти директори академик К.Ш. Тожибаев, вице президент Б. Ибрагимов ва Хитой Фанлар Академияси профессори Сун Ханг очиб беришди.

ЎзР ФА вице-президенти академик Б. Ибрагимов, Ботаника институти директори академик К. Тожибоев, Тошкент Ботаника боғи директори С. Абдиназаровлар ташкил қилинган Хитой-Ўзбек пиёзлар боғи бу ҳар икки давлатнинг илмий ҳамкорлигининг бошланиши, келгусида бу йўналишдаги жуда кўп лойиҳалар амалга оширилиши ҳақида сўзлаб ўтдилар. Тадбир давомида пойтахтимизнинг турли олийгоҳларидан ташриф буюрган илмий ходимлар, устоз ва талабалар ўзларини қизиқтирган турли саволларга жавоб олдилар. Ботаника институти директори талабаларга олийгоҳда таълим олиш билан биргаликда илмий тадқиқот муассасаларида илмий изланишларини давом этдиришни, келгусида магистратура ва таянч докторантурада тадқиқотлар олиб бориш бугундан бошланишини ва Ботаника институти илмий лабораториялари бу борада ўз кўмагини беришга ҳамиша тайёрлигини эслатиб ўтди.

Ҳар бир ташриф буюрган меҳмонларга Пиёзлар боғининг очилишидан эсдалик совғалар топширилди. Бу тантанали жараёнда иштирок этган Миллий Университет, Тошкент Давлат Аграр Университети устоз ва талабалари меҳмонлар билан фикр алмашдилар.

Сўнгра тадбирга ташриф буюрган барча меҳмонлар тажриба майдонларида ўстирилаётган пиёзлар, ширачлар, гулсафсар ва юноналарни кўриш учун таклиф қилиндилар.

Меҳмонлар сўнгги йилларда Ботаника боғида яратилган ширачлар коллекциясига катта қизиқиш билдирдилар. Ўзбекистон флорасига мансуб 20 дан ортиқ ширач турларини ўрганиш мақсадида келгусида алоҳида илмий лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди.

Тадбирни ёритиш мақсадида ташриф буюрган радио ва телеканаллар мухбирларига меҳмонлар ва институт илмий ходимлари пиёзлар боғи, ноёб ўсимликларни сақлаб қолиш, ҳалқаро илмий ҳамкорликни янада ривожлантириш тўғрисида интервью бердилар.

Ташриф давомида меҳмонлар ва институт илмий ходимлари пиёзлар боғининг 2019 йил рамзий номи ёнида эсдаликка суратга тушдилар.

Тадбир учун пиёз маҳсулотларидан махсус тайёрланган ўзбек миллий таомлар, консерва маҳсулотлари татиб кўрилди. Таомлар мазасига Хитойлик меҳмонлар томонидан илиқ фикрлар билдирилди.

Пиёзлар боғининг 2019 йил очилиш маросими учун махсус тайёрланган пиёз макетлари, рамзий хайкаллар ва баннерлар ташриф буюрган меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Ботаника боғида бунёд этилган ноёб ўсимликлар коллекцияси йил давомида ташриф буюрувчилар учун хизмат қилиши кўзда тутилган. Юртимизга ташриф буюрган сайёҳлар, мутахассислар бу мўъжазгина майдончада Ўзбекистон флорасининг ноёб ўсимликларини ўз кўзлари билан кўришлари мумкин бўлади.

 

Тадбирдан сўнг меҳмонлар Ўзбекистон Фанлар Академияси президенти Бехзод Юлдашев қабулида бўлдилар. Суҳбат чоғида Тошкент ва Кунмин илмий марказлари ҳамкорлигини янада ривожлантириш, ўзбек-хитой қўшма илмий лаборатоиялари ташкил қилиш, ёш илмий ходимларни тадқиқотларини ҳамкорликда олиб бориш ва Марказий Осиё давлатларида олиб бориладиган илмий экспедицияларни амалга ошириш режалаштирилди. Ўзбекистон флорасининг инглиз тилидаги янги жилдларини нашр қилиш ва «Tree of live Uzbekistan» лойиҳасини амалга ошириш юзасидан Хитойлик ҳамкорларимиз билан илмий изланишлар олиб боришга келишиб олинди.